Бош саҳифа

24.12.15

СУКУНАТ СИМФОНИЯСИ

 

Абсурдизм ва абстракционизмдан иборат, ҳаммага ҳам мўлжалланмаган, мусиқийликдан йироқ, бир овозли  қайдлар


Бутунжаҳон Балиқлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг Томск вилояти Арча дарёси тубида бўлиб ўтган навбатдан ташқари анжуманида қабул қилинган

      .

Увилдириқдан пайдо бўлган азиз жинсдошлар!


            Pisces natare oportet
                  Балиқлар сузиш учун яратилган.
              Лотин тилидан ўгирилган нақл


Бизким, аҳли денгиз, фуқарои уммон, Ер сайёрасининг беш қитъасини ўраб олган буюк сув салтанати ҳоқони саналмиш олий ирқ - Балиқ синфи тарихий адолатни қарор топширишга жазм қилдик.

Йигирма биринчи аср биз - Балиқлар учун жуда омадли келди. Асосий душманимиз саналмиш Одамзодни тахтидан йиқитиш, табиат қонунларига кўра фақат ва фақат бизга -Балиқларга тегишли бўлган хукмронликни қайтариб олишнинг чексиз имкониятлари туғилмоқда.

Ёлғиз боши иккита бўлиши билан қўйган биринчи қадамиёқ хатоликка йўғрилган Одамзод қавми ўзи кўкларга кўтарган ақлига таяниб тобора жар ёқасига яқинлашиб бормоқда.

Ер сайёрасининг 30 фоизинигина эгаллаган қуруқликдан бошқа маконда яшолмайдиган бу ожиз ва нотавон маҳлуқотга пойгакдаги ўрнини кўрсатиб қўйиш даври келди.

Бу умуртқалилар ўзларига қанчалар бино қўймасинлар, одамларни ўрганиш илмий марказимиз томонидан олиб борилган тадқиқотлар, уларнинг сувда яшолмайдиган, ҳавода учолмайдиган, ғийбатсиз туролмайдиган, хасадсиз нафас ололмайдиган, хатто, қилган ибодати, айтган зикрини ҳам Яратганга таъма қиладиган даражадаги миннат ва кибр соҳиби эканликларини кўрсатди.

Сўнгги олти минг йиллик тарихи давомида уч ойгина урушсиз, қирғин ва талон-тарожларсиз яшаган, лекин тинчлик ва биродарликдан лоф урадиганлардан яна нимани ҳам кутиш мумкин?!

Шу кунга қадар Ер юзига юборилган 120 минг пайғамбар йўлга сололмаган қавмни тарбиялаш бизнинг ишимиз эмас, лекин бу қулай вазиятдан ўз манфаатимиз йўлида фойдаланиб қолмоқ муқаддас бурчимиздир.


Тирик туғилган, тухумдан туғилган жабрадошлар!

           I cannot afford to keep a conscience
Виждонимни боққани маблағим йўқдир. 
           Инглизлар мақолининг эркин таржимаси

 Одам боласи олий ирқ саналмиш балиқларга қанчалар жабру жафо етказаётганига қарамай, кўпчилик ўйлагани каби қудратли эмасдир. Аксинча, кибр ва манманликка берилгани, ҳаётини айёрлик, ёлғонлар асосига қуришга урингани, гуноҳларини оқлашга важлар топишга устамон бўлиб боргани сари тубанлашаётган мавжудотдир.

Айрим мисолларга мурожаат қилайлик.
Инсон ўзини Ер юзига хукмрон қилиб юборилганман, дея мақтанадиган, аслида тупроқданми ёки маймунга қариндошми, халигача аниқлаб, бир қарорга келолмаган ношуддир.


Одамзод табиатни асраш керак, дея бонг урадиган карнайчидир. Ҳамма мамлакатларда табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари, вазирликлари, ўнлаб экология ташкилотлари фаолият кўрсатаётир. Аслида улар табиатни асраш эмас, одамзодни табиатдан ҳимоя қилиш вазирликлари деб аталмоғи керакдир. Чунки табиат ожиз бир банданинг ҳимоясига муҳтож эмас, бўлмайди ҳам.

Табиат ўзини жиловлашга чиранаётган Инсон кирдикорларига жимгина чидайдиган ва у ҳаддидан ошгач, зилзила, тўфон каби қуроллари билан попугини пасайтириб қўядиган сокин қудратдир.

Одам ўзини ягона онгли мавжудот санайди. Забон фақат бизга берилган, дея кеккаяди. Бу эса биздек олий ирқ вакилларининг кулгусини қистатади, холос. Уларга қарата, “Эй, ақлини қалбидан устун қўйган нодон, бошқа тирик жонзодларнинг тилини тушунмаганинг ёки ўту ўланларнинг ўзаро мулоқотини англаб етолмаганинг, Аллоҳга тинимсиз айтаётган таъма ва риёсиз ҳамду саноларини эшитолмаганинг уларнинг тафаккурсиз экани далолатими ёки сенинг онгинг ноқислигиданми”, дея сўрагинг келади.

Одам боласининг айрим вакиллари нафсининг қули. Бу оламда бирон бир, хатто,  энг ифлос ҳайвон ҳам таомланадиган оғзи билан жимога мўлжалланган тешик ва тўғри ичакнинг ўрнини алмаштириб фойдаланмайди.

Тўғри, биз – балиқлар олий ирқ бўлганимиз билан сафимизда тош олабуғаси каби гермофродитларимиз бор. Лекин унинг қилмишлари эркак билан эркак ва ҳамжинс аёлларнинг расман турмуш қуришини қонунийлаштирган, бу каби иллатларни энг юқори минбарларда туриб оқлаётган Одамзоднинг тутимига таққослаганда фазилатдек туюлади.

Биз, балиқлар Одамдан устунмиз. У учолмайди. Бизнинг эса парвоз қилишга қодир 40 дан ортиқ турларимиз бор.

Биз Ер сайёрасининг энг қадимий вакилларидан биримиз. Пайдо бўлганимизга 450 миллион йилдан ошди. Балиқлар яратилганида бесўнақай динозаврлар ҳам йўқ эди. Одамнинг туғилганига эса, ўзининг сарҳисобига кўра, бир-икки миллион йил бўлди холос.
Ҳозирги одамларнинг дастлабки вакиллари бундан нари борса 40 минг йил аввал шаклланган.

Ўзини 18 минг оламда ягона деб билгувчи Одам мақтанчоқлиги балиқлар халқ оғзаки ижодининг энг кўркам намуналарига айланган. Қарангки, коинотларни забт этишга шайланган шу икки оёқда тик юрувчиларнинг кўпчилиги ўзи кўтариб юрган тана аъзоларининг қаерда ва қай тартибда жойлашганини билмайди.

Юлдузларни қучгиси келадию, ўт пуфагидаги тошдан бехабар.

Бошқа сайёраларни хукмига бўйсундириш тўғрисида режалар тузадию, фақат ўзи ва хотинидан иборат оиласида тартиб ўрнатолмайди.

Муҳтарам ва қадрли қилтаноқдошлар!


                                        Per aspera ad astra 
                                          Машаққатлар аро юлдузлар сари
Лотин тилидан ўгирилган нақл


Биз - балиқларнинг 25 мингдан ортиқ туримиз бор. Бу барча ўтхўрлар, қушлар, амфибиялар, рептилияларни қўшиб ҳисоблаганда ҳам улардан ранг барангроқмиз, деганидир. Аммо шунга қарамай, Одамзоднинг кирдикорларидан олий ва аслзода ирқимиз ҳам кўп азиятлар чекди ва чекмоқда.

Қуруқликни ҳар томондан ўраб олганимизга қарамай, ўзини танҳо деб билгувчи сут эмизувчиларнинг зуғумларига чидашга мажбур бўлмоқдамиз.

Одамзодни ўрганиш илмий марказимизнинг 2015 йилда эълон қилган маърузасида келтирилган маълумотлар,   примат туркумига кирувчи бу икки оёқлиларнинг бизга нисбатан қилаётган адолатсизликлари, қирғинларига берилган холис баҳодир.

Айрим фактлар билан таништирамиз.
Балиқлар синфининг энг гўзал вакиллари одамзоднинг аквариум аталмиш зиндонларида тутқинликда яшамоқда. Улар сунъий таомлар ейиш, табиий озуқасиз сувларда яшашга мажбур бўлишдан ташқари иродасиз одамларнинг асабини тинчлантирувчи восита сифатида эксплуатация қилинмоқдалар.

 Гала бўлиб юрувчи майда балиқларимизни эса уй шароити ва саноат миқёсида консервация қилиб, уларни тунука ва шишадан ясалган қоронғу идишларга беркитмоқдалар. Дудлаш, қовуриш, қайнатиш, музлатиш усуллари орқали Одамзодга ем бўлаётган балиқларимизнинг эса сон - саноғи йўқ. Миллионлаб тонна сувдошларимиз балиқ мойига айлантирдилар. Улар икраларимизни ҳам аямаяптилар.



Муҳтарам чавоқдан шаклланган дўстлар!


                                         Veni, vidi, vici 
                                      Келди, кўрди, ғалаба қозонди 

Амалий ҳаракатларга ўтиш ва Одамзодни унинг ўзи яратган “Қизил китоби”га киритиш вақти келди. Ҳужум ҳар томонлама, пухта ўйланган режа асосида амалга оширилмоғи лозим.

Бизнинг олий хукуматимиз Инсониятга қарши сиёсий, молиявий, иқтисодий санкцияларни тадбиқ этишни режалаштирмоқда. Унга қадар бор имкониятимиздан келиб чиқиб ҳаракатга киришамиз.

Бутунжаҳон Балиқлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг Томскдаги Арча дарёси тубида махфий тарзда ўтказилган навбатдан ташқари анжумани  олий ирқимизнинг барча вакилларига қуйидаги вазифаларни юклашга қарор қилди.

Мафкура бирламчи, қолгани унга илова. Бу мақсадни амалга ошириш учун Одамзод истеъмол қиладиган балиқларга уларнинг ичига кириб дунёқарашини ўзгартириб ташлаш вазифаси топширилсин.

Истеъмолдаги балиқларимиз одамларнинг онгига таъсир ўтказиб, уларда ўз қондошларига тажовуз, балиқлар синфига нисбатан муҳаббат ғояларини шакллантирсинлар.

Мураккаб шароитни инобатга олиб балиқларимиз орасидаги фаол ва пассив миграция ҳолатлари тўла назорат остига олинсин.

Илонбалиқлар, сельдсимонлар туркумига кирувчилар диққатига.
Маълумки, бу туркум балиқлари дарёда яшаб, икра ташлагани денгизга ўтади. Лосослар эса аксинча, денгизда яшаб, кўпайгани дарё томон сузадилар.
Бу каби енгилтакликка чек қўйилсин ва уларга икрани қаерда орттирган бўлса, ўша ерга ташлаш топширилсин.


Оқимга, шаршараларга қарши сузадиган балиқлар, жумладан, лососларга ўпкасини босиб олиш тавсия қилинсин.
Ҳамиша оқим билан сузувчи сeлд, илонбалиқнинг тажрибалари кенг жамоатчилик ўртасида оммалаштирилсин.

Ўсимликлар билан овқатланишга мослашган хумбош, оқ амур, қизилқанот, қора балиқлар ва храмулаларга йиртқичликни ўрганиш тавсия қилинсин.

Лаққа балиқлар, окунлар каби умуртқали хамда умуртқасиз хайвонлар билан озиқланадиган йиртқичларимиздан иборат ҳарбий қўшинларнинг чекланган контингенти беш қитъа қирғоқлари бўйлаб жойлаштирилсин.

Ўлжасини пистирмада яшириниб, пойлаб ушлашга ихтисослашган чўртон балиққа сарҳадларимизни ҳимоялаш юклатилсин.

Ўлжасини орқасидан қувиб юриб тутадиган судак, оққайроққа сув салтанати ички душманларини аниқлаш топширилсин

Ўлжасини сув тагидан топадиган, сув юзига тушган хашоротлар ҳисобига яшайдиган балиқлар салтанат ғазнасини чўккан кемалардан топилган қимматбаҳо буюмлар, одамларнинг сув тубига беркитган хазиналари эвазига бойитсинлар.

Қилич балиқ
Дунёдаги энг тезкор вакилимиз қилич балиқ тумшуғи билан кема ва сув ости кемаларининг икки сантиметр қалинликдаги зирҳида 25 сантиметр диаметрли тешик ҳосил қила оладиган фахримиздир. Балиқлар салтанатининг ғурури бўлган қилич балиқ ғанимларимизнинг ҳудудимизга кирган ҳар бир уловига зарар етказиш ва уларни ғарқ қилишда давом этсин.

Қиш фаслида карахт ҳолга ўтиб оладиган балиқлар билан бепарволик ва унинг салбий оқибатлари тўғрисида суҳбатлар уюштирилсин.

Балиқлар маданиятининг инсоният тамаддунида тутган ўрни ҳақида ҳамма уммон, денгиз, дарё, кўл ва ҳовузларда илмий - амалий анжуманлар ўтказилсин.

Шарқ кулолларининг сопол идишларга туширган “Балиқ тумшуқ”, “Балиқ думи”,
пичоқсозларнинг пичоқ дастасига солган ва турли рангдаги ёқутлар билан безалган нақшлари умумбалиқ цивилизациясининг моддий ва маънавий мерослари рўйхатига киритилсин.

Қадимий турк тилида “балиқ”, “балиғ” сўзлари “шаҳар” маъносини берган. Ушбу тарихий ҳақиқат ўз аксини топган  туркий руник ёзувлар, "Девону луғотит турк" каби асарлар юзасидан қўшимча илмий тадқиқотлар ўтказилсин.

Олий ирқимиз номи қўлланилган ҳудудлар, жумладан, Шарқий Туркистоннинг Бешбалиқ, Ўзбекистоннинг Балиқчи каби шаҳар ва туманларига экспедициялар уюштирилсин.

Хитой раҳбариятига Пекин атамасини унинг  қадимий туркий номи Хонбалиққа ўзгартириш таклифи киритилсин.

Фугу
Одамзодга бизнинг захарли балиқларимизни овлашга халал берилмасин. Тош балиқ, фугу каби турларимизнинг кўп овланиши, улардан оғу тайёрланиши, истеъмол қилиниши ёв сафининг сийраклашиб бораверишига хизмат қиладиган мухим омиллардан биридир.

Салтанатнинг демографик вазиятини яхшилаш мақсадида ўз харамига эга Император фариштаси балиғига ихтиёридаги ожизалари сонини бештадан ортиғига кўпайтиришга рухсат берилсин.

Баҳор ва ёзда кўпаювчи осётрлар, зоғора, лаққа, чўртон, олабуға балиқлар, сeлдларга қиш ва куз фаслларида ҳам туғиш топширилсин.
Бу масалада уларнинг куз ва қишда кўпаювчи лосос, гулмой трeска, шунингдек, йил давомида мунтазам туғадиган тропик денгизларда яшовчи қардошларимиз билан тажриба алмашиши йўлга қўйилсин.

Тикан балиқларнинг сув тагида ердан чуқурча қазиб, урғочисининг тухум қўйишига уй қурадиган эркакларининг фаолияти самарасиз деб баҳолансин ва уларни фойдали жамоат ишларига жалб қилинсин.

Тикан балиқларнинг норози аёлларига Америка лаққа балиқлари каби икраларини оғзиларида олиб юриш тавсия қилинсин. Бу йўлни маъқул кўрмаган балиқлар Бойқал голомянкаси каби тирик туғишни ўргансинлар.

Одамзод билмайдиган яна 15 минг туримиз бор ва улар бизнинг махфий қуролларимиздир. Бу маълумот салтанат сири сифатида махфий сақлансин.

Анабас
Жанубий Осиёда яшайдиган анабас балиғининг дарахтга ҳам чиқа олиш, сувда ҳам, қуруқликда ҳам нафас олиш каби ноёб фазилатларини инобатга олиб, унга ташқи ҳамкорларимиз билан музокаралар олиб бориш вазифаси топширилсин.
Одам боласи билан яхши муносабатлар ўрнатган Қора денгиз, Шимолий муз окeани, Тинч окeанида яшовчи дельфинлар маслаҳатчи сифатида бириктирилсин.

Тулки, шоқоллар, ўлаксахўрлар, чиябўри, бўри, айиқлар, хуллас, буюк ишларимизда фойдаланишимиз мумкин жонивор зоти борки, барчаси билан аҳлоқий ва сиёсий қарашлари, молиявий ва руҳий ҳолати, кавш қайтариш ва қайтармаслиги, жуфт ёки қадоқ туёқлилигидан қатъи назар ҳамкорлик тўғрисида музокаралар олиб борилсин.

Уларга бажариш мумкин ва мумкин бўлмаган қуюқ ваъдалар берилсин.
Биз буюк ва олий ирқ сиёсатчиларимиз. Вазифамиз - беш, ўн, ўн беш йилдан сўнг нималар содир бўлишини башорат қилмоқ ва ўша давр келгач, унинг нимага рўёбга чиқмай қолганини ишонарли тарзда тушунтириб бермоқдир.

Одамзоднинг турли қатламлари орасидан иймони сустларини ўзимизга оғдириш ишларига алоҳида эътибор қаратилсин. Уларни сафимизга қўшиб олиш учун денгиз ва уммонлар тубида ётган ялтироқ тошлардан фойдаланилсин.

Турли миллат ва элатлар орасига нифоқ солишда тулкилар ва шоқоллар хизматидан фойдаланилсин. Одамларнинг виждонини сотиб олиш учун чўккан кемалардаги бойликлар, турли мақсадларда денгиз ва дарёлар тубига яширилган хазиналар билан таъминлансинлар.
Уларга ўз мақсадларини Одамзоднинг маънавий, диний қадриятлари қобиғига ўраш энг самарали ва таъсирчан усул эканини тушунтириш юзасидан тренинг семинарлар ўтказилсин.

Одам боласи овлаш учун тулки ва шоқоллар кўмагида бошлаган жангимиз энг кўп ҳаражатни талаб қиладиган йўналишдир.
Шуни инобатга олиб уммон ва денгизлар тубидан қимматбаҳо тошлар ва буюмларни излаб топиш ишлари жадаллаштирилсин ва унга салтанатимизнинг энг тубида яшайдиган балиқлар жалб қилинсин.

Бу билангина чекланиб қолмай, Инсониятнинг ўзи юқори баҳолайдиган қимматбаҳо металлардан ясалган буюмлар, ҳайкаллар, тарихий обидаларини ўзлаштириш учун махсус гуруҳ тузилсин.

Гуруҳ аъзолари кенг жамоатчилик диққатини ўзига тортмаслик, ортиқча шов шув кўтармаслик учун ишни машҳур обидалардан эмас, кичикроқ ва кўримсиз ёдгорликлардан бошласинлар.

Тюмень шаҳридаги кондуктор ҳайкали
Уларга талончиликни, биринчи навбатда, Россиянинг Волгоград, Тюмень ва Португалиянинг Лиссабон шаҳарларидаги кондукторларга атаб ўрнатилган ҳайкаллардан бошлаш тавсия қилинсин.

Марказий Осиёдан Россияга ишлаш учун келган меҳнат мигрантлари томонидан рус актёри Евгений Леонов шарафига ўрнатилган ҳайкалнинг ўғирланишига оид воқеалар ижрочиларни топиш машаққат туғдирмайди, деган хулосага келишга асос беради.

Балиқларни одамлар гунг ва соқов деб биладилар. Бундан кейин ҳам бизнинг ультратовушларни ҳис қилиш, эшитиш, ўзаро мулоқот қобилиятига эга эканимизни билмай қўяқолсинлар.

 Миллион йиллик бой тарих давомчилари эканимиз, сув салтанатининг бетакрор намоёндаларини етказиб берган олий ирқлигимизни менсимаганлари ҳам мақсадга мувофиқдир. Бу эса эзгу мақсадлармизни ими-жимида бажариб олишимизда қўл келади.
Чунки тарихни тахтда ўтирганлар эмас, улар ортида турган ва сукут сақлашни билганлар яратадилар.

Юқорида тилга олинган режаларимизнинг маълум бир қисмини рўёбга чиқиши ҳам Инсонлар жамиятининг тинчлиги ва ҳаловатига раҳна солмоғи муқаррирдир.

Буюк бўҳрон ортида эса ҳеч ким назарга илмаган,  соқов балиқлар турганлиги бировнинг хаёлига келмайдиган ҳақиқатдир.
Одамзоднинг ўзи яратган “Қизил китоб”га кириш даври яқинлашмоқда. Бу буюк вазифанинг ижросида биздек аслзода ирқ вакиллари саналган балиқларнинг ҳам ҳиссаси борлиги шарафдир.

Фотиҳ Султон.




11 комментариев:

  1. Qoyil!!! Ertak o'qimaganimgayam ancha bo'lgandi☺ Zo'r yozilgan,o'qigan odamni tasavvurini uyg'otadigan post bo'pti!))

    ОтветитьУдалить
  2. Амаллар ниятга боғлиқдир. Ишингизга унум ва барака!

    ОтветитьУдалить
  3. Yashang))) Tasavvur olami okean inson ekansiz. Uzundan uzoq yozmalarni, ayniqsa, internetda o'qish biroz erish tuyuladi, odatda. Lekin shunaqa mazza qilib o'qidimki... Rahmat))) Blogpost shunchaki ertak emas, unda baliqlar haqidagi faktlarga murojaat qilingani bilan ham ahamiyatli. Blogpost yozish uchun baliqlar haqida to'liq o'rganib chiqdingizmi yoki kasb-koringiz bilan bog'liqligi bormi?

    ОтветитьУдалить
    Ответы
    1. Рахмат,Гулрухсор. Сиз дадангизни ашаддий мухлислариман. Жонлари омон булсин. Умримда баликни тиригини кулимда тутиб курмаган, кармок ушламаган одамман. Кама Ноир танлови учун урганиб чикдим :). Касбимга дахлдорлиги йук.

      Удалить
  4. Borakalloh, mavlono, borakalloh. Atigi uchta, shunda ham bir-biriga zid bõlgan sõzlardan bundan ortiğini yozib bõlmasa kerak. Otangizga rahmat. Shunday blogerimiz bor ekan-u, bilmay yurgan ekanmiz-da! Xalq daryo deb shunga aytsalar kerak. Elimiznining biz bilmaga, donği chiqgaman ne-ne iste'dodlari bor. Ular oyoqqa qalqsa bormi?..
    Shu kunlarni kõrish nasib etsin.

    ОтветитьУдалить
    Ответы
    1. Кама Ноирга рахмат аслида. Агар шу инсон булмаганида маколаям ёзилмаган буларди. Кутилмаган ташаббуслар билан чикиб юради доим :). Омадини берсин.

      Удалить
  5. Ёрворипсиз. Маладес. Ёзишдан тухтаманг. Ишларга омад

    ОтветитьУдалить
    Ответы
    1. Рахмат,Фаррухбек. Сизни ишларингизгаям омад, дўстим.

      Удалить

Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.