Бош саҳифа

6.12.15

ОБУНА ЖАНГИ

Ўзбекистонда ҳар йили кузда бошланадиган ва пахта мавсумида бироз сустлашиб, сўнгра йил охиригача шиддат билан давом этадиган мажбурий обунанинг асосий ташкилотчиси ким? 
Президентми?
Ўқишдан ҳайдаб юбориш, имтиҳонларга киритмаслик билан қўрқитиб талабалардан обуна учун пул ундираётганларнинг ортида ким турибди?
Бош вазирми?
Бошланғич синфдаги болакайлардан тортиб, коллеж ўқувчиларигача - барчани турли туман нашрларга обуна бўлишга мажбурлаётган занжирнинг ҳалқаси қаердан бошланади?
Вазирларданми?
Пенсионерларнинг кафанликка атаган нафақаларига ҳам кўз олайтираётганлар кимлар аслида? 
Хокимларми?
Маошининг асосий қисми шундоқ ҳам “комиссия бор”, “текширувчи келяпти”дан ортмайдиган ўқитувчилар, шифокорларнинг чўнтагига обуна баҳонаси билан тушаётганларчи? 
Катта - кичик лавозимдаги раҳбарларми?
Бу компаниядан манфаатдор куч ким?
Балки мажбурий обуна ортида куч ишлатар тизим, масалан, прокуратура, ички ишлар, миллий хавфсизлик хизмати тургандир?
Агар шундай деб ўйласангиз, қаттиқ адашасиз!
Аслида, мажбурий обуна юқорида санаб ўтилганларнинг биронтасига ҳам керак эмас. Бу улар учун ортиқча даҳмаза, бош оғриғи, холос.


Содда муғомбирлик симфонияси


Мажбурий обуна ортида мақсадига эришиш учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, сурбетлигини зиёли тўнига ўрай олган қудрат яширин аслида. 
Тили маънавият, қалами аҳлоқдан бийрон сўзлагани билан, айтганларига ўзи амал қилмайдиган даражада “ақлли” куч у.
Мажбурий обуна ортида саноқли ойлар ичида нашр ва ўзининг шахсий ҳаражатлари учун ўн, юз, бир неча юз миллион сўмгача пул йиғиб олишга қодир содда муғомбир турибди. 
Ўзида ҳақоратлар, хорликлар, керак бўлса, таҳқирларга эътибор бермаслик иммунитетини шакллантирган ва мулойимлиги эвазига барчани сеҳрлаб ўйнатадиган “буюк санъаткор” у.
Бу қудрат ва иқтидорнинг номи ўзбек матбуотидир.
Мажбурий обунанинг асосий ташкилотчиси, тарғиботчиси ва ортида турган мафкурачиси, аслида, Президент ҳам, унинг вазирлари ҳам, хокимлар ҳам эмас, журналистларнинг ўзидир.
Миллионлаб инсонларнинг ҳалол ризқига шерик бўлувчи ҳам, мажбурий обунадан даромад олувчи манфаатдор тоифа ҳам журналистларнинг ўзларидир (обуна жараёнига бош муҳаррирдан тортиб оддий мухбиргача оммавий равишда жалб этилгани боис, ҳаммасини умумлаштириб, “журналист”, “нашр” деб атайман).
Сабрингиз етса, давомини ўқинг, исботлаб бераман.

“Сезон” қачон бошланади?


Расман босма нашрлар обунаси йил бўйи давом этаверади. У ҳеч қачон тўхтамайди. Лекин отарчиларники каби журналистларнинг ҳам “сезони” бор. Кузда бошланади ва йил охиригача давом этади. Нашрлар ҳам асосий эътиборни йиллик обуна мавсумига қаратадилар. 
Куз келиши билан Ўзбекистон матбуотида улкан муҳораба бошланади.
Кечагина рўйхатдан ўтган, нари борса биттагина сонини “намуна” сифатида минг нусхада чиқариб олган итбалиқчалардан тортиб, ўзбек босма нашрлари уммонининг наҳанглари обуначи ва унинг пули учун қақшатқич жангга киришадилар.
Ғолиб чиқиш учун ўнлаб йиллар давомида синалган қуроллардан фойдаланадилар.
Бу аслаҳаларни қўллашнинг ҳам ўз тартиб қоидалари бор.
Ўзбек босма нашрлари буни мукаммал тарзда ўзлаштирганлар. 

Ишнинг аввали қуллуғу салом


Куз келиши билан вазирликлардан тортиб хокимликларгача нашрларнинг “обуна масаласида амалий ёрдам беришингизни сўрайман” мазмунидаги хатларига тўлиб кетади.
Бу “сезон бошланди, биз ҳам бошқалар каби жанг майдонидамиз”, деган маънони англатади.
Иккинчи қадам. Нашрлар обуна жангининг асосий ва расмий иштирокчилари-“Матбуот тарқатувчи” ва “Ўзбекистон почтаси” билан ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолайдилар. Уларнинг даврий нашрлар рўйхатидан ўрин оладилар, обуна нархларидан бохабар қиладилар. 
Тўғри, Ўзбекистонда обуна билан шуғулланувчи хусусий фирмалар ҳам бор. Лекин номи чиқмаган нашрлар учун улар билан шериклик қилиш манфаатсиз.

“Бирровчи”лар қироллиги


Обуна жангига киришган ўзбек нашрлари бир оқшомнинг ўзида ўндан ортиқ тўйга “бирров”га кириб-чиқишга улгуриб (табиийки, қўшиғини ҳам айтиб) ҳаммани ҳайратга солган хонандаларни ҳам чангда қолдириб кетадилар.
Мавсум давомида улар бир ҳовуч ходимга эга ташкилот борми, муассаса, йирик завод-фабрика борми, барини обунани уюштиришда кўмак берворишларини сўраб ялтоқланишлари, ўринли-ўринсиз қўнғироқлари, ташрифлари билан жонидан тўйдириб юборадилар.
Болалар боғчалари, мактаблар ҳам назардан четда қолмайди.
Отарчилар йирик тўйларга ишқибоз бўлганларидек, журналистларнинг ҳам асосий эътиборни қаратадиган ташкилот, муассаса, соҳалари бор.

Нашрларнинг стратегик объектлари


Мамлакат миқёсидаги нашрлар вазирликларни “ушлашга” ҳаракат қилсалар, ҳудудий газета-журналларнинг муҳим “стратегик объектлари” бир неча минг (ўн минглаб) ходимни бирлаштирган халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, соғлиқни сақлаш бошқармалари, йирик давлат завод ва фабрикалари, олий ўқув юртлари ҳисобланади.
“Сезон” қисқа, вақт оз; шу сабаб нашрларнинг асосий диққат ва эътибори ана шу объектлардан “керакли одам”ни топишга йўналтирилади. У эса ўз ваколатидан фойдаланиб (албатта, ижод ва ижодкорга бўлган чексиз, шунингдек, манфаатсиз муҳаббати сабаб эмас) ходимларини обуна қилиб берса кифоя. Амалдор эса буни қандай амалга оширишни билади. Оқибатда, нашр биргина “керакли одам” кўмагида минглаб обуначини қўлга киритиши мумкин. 
Мухими, борган жойида “одамини” топиш, керак бўлса, ҳаражатини келишиб, қўл остидаги ходимларини обуна қилдиришга кўндиришдир.

Тилнинг эмас, қўлнинг узуни яхши


“Керакли одам”нинг қўли қанчалар узун бўлса, шунча яхши. Лекин унинг жуда юқори лавозимда ўтириши ҳам шарт эмас. 
Кўп вазиятларда обуна жангининг “ефрейторлари” билан ҳам муваффақиятли ҳамкорлик қилса бўлади. 
“Ефрейторлар” - тепадан келадиган буйруқни сўзсиз адо қилишга ўрганган, ҳудудий халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, соғлиқни сақлаш тизимининг бўлим ва бошқармалари, ўқув юртлари раҳбарларининг маънавият ишлари бўйича ўринбосарлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, хокимларнинг маънавият ишлари бўйича ёрдамчилари ва ҳоказо тоифага мансуб шахслардир. 
Даражани тасаввур қилиб олишингиз учун шу кифоя қилса керак. 
Булар орасида, тан олиш керак, бирон бир манфаатни кўзламай ҳам ходимларини обунага тарғиб этадиган, инсонгарчилик нуқтаи назаридан “шу бечора журналистга ёрдам бергиси келган” ҳалол ва покиза раҳбарлар ҳам талайгина. Аммо “юқори”нинг “фалончи газета-журналларга обунани изчиллик билан уюштириш тўғрисида”ги рўйхатига сизнинг нашрингизни ҳам устамонлик билан киритиб юборадиганларини ҳамиша топса бўлади. Нархини келишолсангиз бас.

“Керакли одам” неча пул туради? 


Кўплаб нашр эгалари обуна мавсумида “танка”лари билан бўлишишга мўлжаллаб, маълум миқдордаги маблағни ёстиқлари остида ёки кўрпа қатида сақлаб келадилар.
“Керакли одамлар”га нашрлар обуначилардан тушган пулнинг ўртача 15-20 фоизини таклиф қиладилар. 
Айрим газета ва журналлар амалдорлар билан фоиз эвазига эмас, аниқ бир суммага келишадилар.
Мажбурий обуна деб аталувчи қиморга номзодларни излаб журналистлар шаҳарма шаҳар, туманма туман лўлидек изғийдилар.
Шунингдек, таҳририят томонидан ҳар бир ходим зиммасига фалон нафар одамни обуна қилиш тўғрисида юклама берилади ва режа интизоми қаттиқ назорат қилиб борилади. Нашрларнинг куз фаслида ўтказиладиган йиғилишларининг асосий ва кўп ҳолатларда ягона мавзуси ҳам обуна ва режани бажармаган ходимларнинг ишга масъулиятсизлиги масаласи бўлади. Журналистларнинг ташаббуси билан кузда бошланадиган улкан қимор ўйинида бутун мамлакат иштирок этади.  
Машҳур фильмда айтилганидек, қиморни ўйнаган эмас, ўйнатгангина ютади.

Лой кечмайдиган нашрлар


Обуна мавсумининг муваффақияти, шунингдек, нашрнинг муассиси кимлигига ҳам бевосита боғлиқ. Шу жиҳати билан ҳам ўзбек босма нашрлари дунёси бошқа мамлакатларникидан кескин фарқ қилади.
Обуна жангида қўли ҳамиша баланд келадиган ва бошқаларга нисбатан алоҳида мақомга эга бўлган нашрлар ҳам бор, албатта. Булар “Халқ сўзи”, “Маърифат” ва яна бир неча газеталар, шунингдек, вилоят хокимликларининг бош нашрларидир. 
Ҳуқуқ-тартибот идоралари муассислигида ташкил этилган газета-журналлар ҳам обуна даврида лой кечмайдилар. Уларнинг обуна жараёни марказлашган ҳолда, вазирлик, бошқарма, хокимликларнинг бевосита назорати остида амалга оширилади. 
Обуна компанияси нашрларнинг ўз муассисларига нисбатан қиладиган сурбетона ва лекин мулойимгина хиргойиси остида бошланади.  Журналистларнинг ялтоқланиш, илтимослар, “катта” раҳбар номига кетма-кет хатлар киритиш ва ҳоказо усуллари жўрлигида авжига чиқади ва ниҳоясига етади. Қайси даражадаги раҳбар бўлмасин, обуна мавсуми даврида нашрларнинг мунтазам, лекин ўта нозик дипломатия талабларига таянган ҳолда олиб борадиган босимини ҳис қилиб туради.

Хуштори кўп пенсионерлар


Обуна “сезони”да журналистлар “бирров”да уриб чиқиб кетишни истайдиган яна бир йирик тоифа бор. Бу пенсионерлар. 
Нафақахўрларнинг  ўқитувчилар, шифокорларники каби юқори ташкилоти мавжуд эмас. Ижтимоий таъминот бўлимларининг таъсир доираси бошқармаларники билан тенглашолмайди (қолаверса, уларнинг ҳам обуначига муҳтож нашрлари бор). 
Тарқоқ, лекин марказлашган ҳолда пул оладиган нафақахўрлар синфига тўғридан тўғри чиқолмаслигини яхши билган ўзбек нашрлари бошқа ва қулайроқ йўлни топганлар.
Улар нафақахўрларга “совчи” орқали оғиз соладилар. 

Гўрковнинг ҳам тирикчилиги бор, почтачининг ҳам 


Пенсионерлар “Ўзбекистон почтаси” тасарруфида. Бу ҳудудга бошқа биров ўзбошимчалик билан кириб келолмайди. Киргизиб ҳам  ҳам қўймайдилар. 
Нафақахўрлар билан уларга пул тарқатувчи почта ходимлари шуғулланадилар. Почтачилар эса омонатни эгасига ҳеч бир манфаатсиз етказадиган кабутар ҳам эмаслар; уларнинг ҳам оиласи, бола-чақаси, орзу-хаваслари бор. Шунинг учун уддабурон нашрлар “Энг кўп обуна қилган почта ходими” рукни остида танловлар эълон қиладилар. Совринга, одатда, велосипед, компьютер, музлаткич, баъзан, пул мукофотлари қўйилади.  
Албатта, айтиш жоизки,  обуна “Ўзбекистон почтаси”нинг фаолият турларидан, асосий даромад манбаларидан бири. Нашрларнинг мукофотларисиз ҳам бу иш билан шуғулланади у. 
Лекин нафақани уйга келтирган почтачининг пенсионер отахон ёки онахонга зўр бериб “саводхонлигини ошириш, зиёли инсон сифатида дунё ахборотларидан бохабар бўлиб бориш, ҳеч йўқса, телепрограмма учун обуна бўлиш” тўғрисидаги ваъзлари ортида аслида совриндор бўлиш, раҳбариятнинг босимига амалий натижа билан жавоб бериш, режани бажариш истаги туради, холос.

Солиқдан ва обунадан қочиб қутилолмайсан


Мажбурий обуна мавсумида нашрлар бевосита ишлашни истамайдиган яна бир тоифа кичик ва ўрта бизнес вакилларидир.
Чунки дўкондорлар, хусусий тадбиркорлар, кичик цех эгаларининг бошини қовуштириб турадиган, ўқитувчи, шифокорларники каби бўлим ва бошқармалари мавжуд эмас. Улар тарқоқ ва ҳар бири ўз ҳолича. Стратегик нуқтаи назардан, майда тадбиркорлар гуруҳи билан бевосита шуғулланиш нашрлар учун кам самара беради. Чунки обуна мавсуми қисқа, вақт оз. 
Шунинг учун кичик ва ўрта бизнес вакиллари мажбурий обунага солиқ идоралари кўмагида жалб қилинадилар ва ҳисобот топширгани борганда солиққа оид газета, журналларга, (шунингдек, марказий ва вилоятнинг бош нашрларига) обуна учун пул ўтказиб берадилар. 

Қурбонликка аталганлар


Обуна жангининг энг қуйи поғонасидан пиёда аскарлар-обуначилар ўрин олганлар. 
Улар қудратли муассисларга эга нашрлар каби осмонларни қучолмайдилар. Чунки ҳаво кучларидек парвозга ихтисослашмаганлар. 
Улар обуна пулини йиғиб олиб, йил бўйи еб ётадиган нашрлар ходимлари каби сурбетликдан йироқлар. Нишонни биқиниб туриб урадиган артиллерия кучларидек қудрат соҳиби ҳам эмаслар. 
Улар ҳар қандай жангнинг машаққати зиммасига тушадиган ва биринчи навбатда қурбон бўладиган пиёда аскарлардир. 
Улар ҳаммасини жимгина ҳазм қиладиган тоифа. Обуна жангининг бош роллари ижрочилари-журналистлар ва уларнинг ташаббуси билан мажбурий обунани уюштириб берадиганларнинг тирикчилигини таъминловчи қатламдир.
Улар ўқитувчилар, шифокорлар, талабалар, ўқувчилар, пенсионерлардир.

Обунангга тупириб, йиғлагим келди


Оддийгина савол.
Нима сабабдан аҳоли нолимасдан, индамасдан, эътироз билдирмасдан бир чақага қиммат газета ва журналларга обуна бўлади?
Чунки унинг йўқотадигани бор. Талаба ўқишдан ҳайдалишни, ўқитувчи ишидан ажралишни истамайди, пенсионернинг эса “нафақасини уйининг остонасигача келтириб берадиган яхши йигит, почтачи”ни хафа қилгиси келмайди.
Энг қизиғи ва ажабланарлиси, улар обунага мажбурланаётгани учун Президентдан, хокимдан, ўзининг бевосита ва билвосита раҳбаридан, ҳаммадан (албатта, ичида) норизо бўладилару, лекин шу механизмни яратган ва ишга туширган қудрат - журналистларни айблашни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. 
Чунки ўзбек журналистлари ҳар қандай вазият ва замонда ҳам ўзини қўйдан ювош, пахтадан оппоқ қилиб кўрсата билиш, бошқалар, яъниким, раҳбарларнинг қўли билан ишини битириш ҳадисини мукаммал ўзлаштирганлар.
Журналистларимиз Ўзбекистонда мажбурий обуна асосига қурилган газета-журнал чоп этиш соҳаси жуда сердаромад бизнес эканини аллақачон англаб етганлар ва уни қўлдан чиқаришни истамаганлари сабаб “катта пул сукунатни севади” нақлига қатъий амал қиладилар.
Тайёрланаётган навбатдаги мақолам айнан Ўзбекистон газета бизнеси асосларига бағишланади ва талайгина сирлардан воқиф бўласиз. Қолган гапларни ўшанда гаплашамиз. 
Ҳозир эса ўзбек босма нашрларида ишлаётган катта ва кичикка атаганларим бор.

Маданиятли талончилар

Ҳурматли ўзбек босма нашрлари ходимлари, азиз журналистлар.
Мажбурий обуна инсоннинг дилини оғритиб, куч ишлатиб пулини олиш, дегани. Унинг оддий талончиликдан фарқи бор, деб ўйлайсизми?
Мен амалга ошираётган мажбурий обуна механизми ўғри ёки йўлтўсарлар қилмишига ўхшаб кетаяпти, деган фикр келганми хаёлингизга?

Норизо қилиб, қарғишга қолиб тўплаётган шу пулим менга, оиламга, фарзандларимга юқади, деб айта оласизми? Тавба қилиш пайти келмадимикан?

Пенсионернинг ўлимлигига атаган нафақаси эвазига қилинган обунанинг пули устидан маош олаётганда ўзингиздан бир маротаба бўлсада жирканганмисиз?

Вазирга, хокимга, катта-кичик лавозимдаги амалдорларга ялтоқланиб-ялтоқланиб газета ёки журналингизнинг бир йиллик ҳаражатларини йиғиб оляпсиз. Лекин обуначиларимга шунга яраша сифатли маҳсулот етказиб бероляпманми, деб ҳеч мулоҳаза юритганмисиз? Шу саволга “Ҳа” дея дадил жавоб бера оласизми?

Матбуотнинг тор кўчалари


Пана-пастқамларда ёки эллик грамм ичволсангиз “эркин ижод қилишга, ҳақиқатни ёзишга имкон бермайдилар, цензура борда бизда, йўқса, шунақанги нарсаларни ёзиб ташлаган бўлардим” деб йиғлайсиз. Цензурани қўятуринг, бу алоҳида мавзу, қачонлардир бу хусусда ҳам сўз юритамиз, лекин қўлингизни кўксингизга қўйиб айтинг, рухсат берилган мавзуларни қойилмақом қилиб ёзиб ташлаяпман, дея оласизми? 

Бу саволга жавоб топишингиз учун ёрдам ҳам беришим мумкин. Сўнгги ёзган мақолаларингизни олингда, дастлабки ва охирги уч ёки тўрт абзацини ўчириб ташланг. Кейин ўқиб чиқинг. 
Нима ўзгарди? Ишончим комилки, ҳеч нарса ўзгармайди. Чунки қаламингиз шунчалар қотиб қолганки, гапни пўсткалласидан бошлашни ҳам унутиб қўйгансиз. Шунинг учун ҳам ҳар мақолангиз “Мустақилликка эришганимиздан сўнг ўтган давр мобайнида”, “Ўзбекистоннинг қайси бир гўшасига борманг..” каби жумлалар билан бошланади ва якунланади. Фикрлашни унутиб қўяётганингизни англаяпсизми?
Ҳар бир мақоладан ана шу тарзда уч, тўрттадан абзацни қисқартирилса, газета саҳифасига яна қандан қанча маълумот, ахборот, мақола сиғишини тасаввур қиляпсизми? Сафсатангиз билан қанчадан қанча қоғозни исроф қилаётганингизни ҳеч сарҳисоб қилиб кўрганмисиз?

Эркинлик йўқ, дейсиз? Айтинг, мақолаларингизни шу қадар зерикарли, эски қолипда ёзишга ким мажбур қиляпти? Қайсидир манзилда очилган, айтайлик, аптека ёки китоб дўкони хусусида ёзар экансиз, нимага дарров мақсадга ўтиб қўяқолмай, гапни мустақилликдан бошлайсиз.
Ёки мустақиллик сўзи сиз учун шунчалар қадрни йўқотганмики, ўрни келса, келмаса ишлатаверасиз. 

Иштони йўқнинг тиззаси йиртиққа маломатлари


Журналист сифатида ўзбек футболини танқид қилишни севасиз. 
Қачон қараса, футбол клубларида маркетинг йўлга қўйилмаган, улар йирик компаниялар билан реклама шартномалари тузмайдилар, қачонгача ихтиёрий-мажбурий бириктирилган хомийларнинг пулини еб, боқиманда бўлиб яшайдилар, дея аюҳаннос соласизлар.
Футбол клубларини қўя туринг. Ўзингизнинг нашрингизда маркетинг изга солинганми? Қайси йирик компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйгансиз? Нашр ҳаражатларини камайтириш учун шу кунгача нималар қилдингиз? Газета ва журналингиз саҳифалари реклама ва эълонларга тўлиб кетдими? 
Чакана савдони қай тарзда йўлга қўйгансиз? Нашрингизни интернетда ҳам саҳифасини очиш ва ундан даромад қилиш учун қандай ишлрни амалга оширдингиз? 
Сайтингиз орқали қанча даромад қиляпсиз?

Ҳар йилги обунадан ўн, юз, бир неча юз миллионлаб маблағ йиғиб оласиз. Бу фоизсиз кредитдек гап. Ана шу маблағларга таяниб бошқа соҳаларни ривожлантириб, қўшимча даромад олиш ва тўла молиявий мустақилликка эришишга уриндингизми? Шу йўл билан мажбурий обунадан воз кечишга ҳозирлик кўрдингизми?

Обуна пуллари маош, нашрни тайёрлаш, чоп этиш, тарқатиш ва бошқа кўплаб ҳаражатларга сарфланади, деб чўпчак тўқиманг. Мажбурий обунадан йиққан маблағингиз, шунингдек, уй-жой, автомобиль ва бошқа орзуларингизни ижобат қилиш ва яна кўплаб шахсий камларингизни битиришга ҳам хизмат қилаяптику. 

Бутун дунё нашрлари асосан реклама эвазига яшайди. Нима сабабдан сизнинг газетангиз, журналингиз саҳифалари реклама билан, аниқроғи, пуллик табриклар билан фақатгина йирик байрамлар арафасидагина тўлади?
Нима учун реклама берувчилар сизнинг таҳририятингизни “Оптовик”, “ПрессТИЖ”, “Ташкентская неделя”, “Частный сектор”дек нашрларники каби зиёрат қилавермайдилар?
Балки, “улар реклама нашрлари, бизники эса ижтимоий, сиёсий, кўнгилочар, адабий ва ҳоказо газета ёки журнал, эй, тушунмаган, дерсиз? Илтимос, унда мендек ношудга нима учун ана шу номи улуғ нашрингиз қошида реклама иловаси ёки газетасини ташкил этмаётганингизни ва шу йўл билан обунага қарамликдан бир қадар фориғ бўлишга уринмаётганингизни тушунтириб беринг. 

Ёзган мақолларингиз ватанпарварликдан бошланиб миллий ғурур ҳақидаги ташбеҳлар билан тугайди.  Ҳар сатрингиздан шу ватан ва халқ учун жонини беришга тайёр инсондек тасаввур уйғотасиз. 
Агарки, шунчалар миллатпарвар бўлсангиз, ўзингиз ташаббус билан чиқиб, мажбурий обунадан воз кечинг. 
Бу шу Ватан ва миллат равнақи йўлида қилган энг буюк ва покиза ишингиз бўлади.

Ёки кимдир мажбурий обуна билан шуғулланасан, деб босим қиляптими сизга?
Ким сизни мажбурий обунадан воз кечишингизга қўймаяпти? Президентми? Бош вазирми? Балки вазир, хоким йўл бермаётгандир? 
Балки танбаллигингиз, қўрқоқлигингиз, ношудлигингиз бунга имкон бермаётгандир? Ҳар обуна мавсумида йиллик заҳирани йиғиб олиб, яйраб еб ётиш афзалроқ кўринаётгандир сизга? 

Ногирон орзулар


Ўйлаб кўринг, шу каби қаллоблик ва боқимандалик орзусида кириб келганмидингиз журналистика оламига? Бори йўғи шу эдими сизнинг покиза болалик орзуларингиз? Илк мақоласи, шеъри, кичкинагина ахбороти газетада эълон қилинганида кўнгли осмонларни қучган ўша кўнгли тоза ижодкорни қаерга кўмиб келгансиз?
Виждонингиз билан шартнома тузиб, унинг оғзига пахта тиқиб, овозини ўчириб яшашдан чарчамадингизми?

Президентга, вазиру хокимга, “мен кучли ижодкорман, ҳар бир сатримни пулга айлантира оладиган даражада истеъдодлиман, бировнинг дилини оғритиб, қарғишига қолиб мажбуран обуна қилмайман, ориятим йўл қўймайди, мен шу газетани, журнални ўз кучим ва иқтидорим билан молиявий томондан бақувват ва юксак савияли қиламан”, дея оласизми? Духингиз етадими?

Ё шундай десангиз, Президент хафа бўладими? Пешонангизни силаб, бағрига босадику сизни шу мардлигингиз учун!
Ё Бош вазир ўпкалайдими сиздан? Эркак экансан, демайдими?
Хоким сизни бошқаларга намуна қилиб кўрсатмайдими? 
Дуолар остида қолиб кетишингизни тасаввур қиляпсизми? Шу халқ олқишламайдими сизни? Жонга тегмадими йилдан йил сайин остона ялаб яшаш?
Ўқитувчилар, аёллар, пенсионерларнинг пули ҳисобига тирикчилик қилиб орттирилган обрў сизга керакми? Шуни орзу қилганмидингиз журналист бўламан деганда? 

Касалхоналарда оғир беморларни сунъий равишда дорилар билан ҳаётда ушлаб турадилар. Маълум бир муддатгача, албатта. Сизнинг газета ёки журналингизнинг фақатгина мажбурий обуна эвазига яшаб келаётгани ана шу муолажани эслатиб юбормаяптими?
Мард бўлсангиз, ўзингизни зўр ижодкор санасангиз, истеъдодингизга ва нашрингизнинг савияли ва кимгадир керак эканига ишонсангиз, уни эркин савдога қўйинг. Бошқача қилиб айтганда, матбуот уммонида сузишни ўрганмоқчи бўлган нашрингизни сувга отинг, тирик қолгиси келса, сузиб чиқади. Маҳсулотингиз зўр бўлса, ўқувчининг ўзи сотиб олади, обуна бўлади.
Модомики, нашрингиз мажбурий обунасиз яшолмас экан, кимга ва нимага керак бунақа даҳмаза? Йўқ бўлиб, гумдон бўлиб, қирилиб  кетгани яхшимасми ундан кўра? Ҳеч йўқса умрингизга ачинсангизчи? Ўзингизни ҳам, журналистикани ҳам хор қилиб нима қиласиз? Ёпиб ташланг ўша алмисоқдан қолган нашрингизни.
Хавотир олманг, ишсиз ёки оч қолмайсиз. Қаламингизни ўзи сизни боқади. Ҳеч йўқса, кўча супирарсиз, автомобиль ювиб тирикчилик қиларсиз. 
Бозорда арава етакларсиз. Буларнинг бари сиз тобора ботиб бораётган ва лекин бўғзингизгача бориб қолганига қарамай бадбўйини ҳис қилмаётган ботқоқда умргузаронлик қилишдан кўра афзалроқ. Аслида ҳам юқорида санаб ўтганларим жуда покиза ва жамият учун сизникидан кўра кераклироқ касблардек туюлади баъзида менга. 
Давлат ва миллатнинг эса сизнинг бошқаларни зўрлаб обуна қилиб тарқатадиган маънавиятингиз ва ахборотингизга куни қолгани йўқ, қолмайди ҳам. 

Виждонга қараб иш тутмоқ хайрлидир

Касбингиздан воз кечолмасангиз, қобиғингиздан чиқиб атрофга бир назар ташланг. Бошқа мамлакатларнинг журналистлари мажбурий обунасиз ҳам туппа-тузук, хатто, бою бадавлат яшаяптиларку?! 
Бу сатрларни ўқиб, дарровгина иқтисодий, сиёсий, молиявий ва яна алламбало вазиятлар, ҳолатлар, шароитлардан нолишга тушиб кетманг, илтимос. 
Ўзбек журналистлари кўзларига сирлилик, юзларига жиддийлик ниқобини тақиб гапиришни бошлашлари билан ўзимни кулгидан тўхтатолмайдиган бўлиб қолганман. Менга раҳмингиз келсин, кулгининг ҳам меъёрида бўлгани яхши. 

Мени кулдирмангда, оламгамас, Ўзбекистонга нигоҳингизни қаратинг. Ватаннинг ўзида ҳам молиявий томондан жуда яхши шароитда яшаётган нашрлар талайгина. Тўғри, улар ҳам қисман мажбурий обунадан фойдаланяптилар.  Лекин йил сайин уларнинг фаолиятида мажбурий обунанинг тутган ўрни камайиб боряпти. Ишончим комилки, шу ривожланишлари бўлса, бир неча йиллардан сўнг тўла молиявий мустақилликка эришадилар. Уларнинг ҳаётида мажбурий обунадек иллатга ўрин қолмайди.

Энди нигоҳингизни Ватаннинг бепоён заминидан узиб, даврани янада торайтирингда, ўз туриш-турмушингизга назар солинг. 
Беш йил аввалги ҳаётингизга кўз олдингизга келтиринг. Эътибор беряпсизми, 1825 кун аввал ҳам ташкилотма ташкилот обуна дардида изғирдингиз, хали ҳамон ўша аҳвол. Ўн йил олдин ҳам шу эди. Ўша-ўша обуна дардида санғиш, ўша-ўша изғиш. 

Нимага эришдингиз? Беш, ўн йил ичида ҳаётингизда қандай ижобий, жиддий ўзгаришлар юз берди? Зўр бўлиб кетдингизми? Тўғри, уй қургандирсиз, тўй қилгандирсиз, автомобиль сотиб олгандирсиз ёки уни янада яхшироғига алмаштиргандирсиз? 
Уйингиз деворига виждонингиз каби юпқа экранли телевизор қоқиб қўйгандирсиз. Лекин буларнинг бари шунчаки оддийгина эҳтиёж моллари. Ҳар бир инсоннинг кундалик талабларини қондиришга хизмат қиладиган жиҳозлар, холос. 
Улар одам боласининг даражасини белгилаб берадиган ўлчов эмас. Буларга эга бўлиш учун бошқаларни дилини оғритиб мажбуран обуна қилиш ҳам шартмас. Аксинча, сиз ўтган беш, ўн йил мобайнида ҳурматингиз, обрўингизни йўқотиб бораяпсиз. Ўзингизга сезилмаяпти, холос.

Энди ижодингизга эътибор беринг. Сўнгги беш йил давомида миллатни ларзага солган, унинг тараққиёти ёки фикрига ижобий таъсир ўтказа олган қандай мақолалар ёздингиз? Айтинг, биз ҳам ўқиб яйрайлик, сиз билан фахрланайлик. 
Ҳаётингиз фақатгина бошқалар остонасини супириш билан ўтиб кетаётганини сезмаяпсизми?
Китобингизни чиқаргани ҳомий қидириб изғийсиз, нашрингизни, демакки, ўзингизни боққани мажбуран обуна қилдирасиз. 
Барака қани? Ишингиз, ҳаётингиздан барака йўқолиб бораётганини кўрмаяпсизми? Бошқаларни ризқидан қийиб қилаётган мажбурий обунадан топган, топаётган пулларингизнинг ўзингизга юқмаётганини сезмаяпсизми?
Ҳаётингиз ёниб, ўчувчи чироққа шартли рефлекс ҳосил қилган Павловнинг жониворлариникига ўхшаб қолмаяптими? Умрингиз, хатто, ижодингизни ҳам обунадан обунагача, хомийдан хомийгача деган шартли рефлекс бошқаришни бошламаяптими?

Доллардан қиммат нашрлар 


Ҳар бир газета ва журнал низомининг “Мақсад ва вазифалари” бобида “аҳолини ватанпарварлик, ёшларни миллий қадриятлар, анъаналарга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий маданияти, миллий ғурурини шакллантириш ишига ҳисса қўшиш” каби баландпарвоз гаплардан иборат моддаларни киритгансиз. Лекин аҳоли сизнинг ана шу ҳиссангизга муҳтожмикан? Шу осмонўпар гапларингиз ортидаги ҳаракатларингиз билан миллатга, Ватанга қанча моддий зарар етказаётганингизни ҳеч сарҳисоб қилиб кўрганмисиз?

Кичкинагина мисол: Ўзбекистон қоғоз ишлаб чиқариш саноатига эга эмас. Барча қоғозлар четдан, хорижий валютага олиб келинади. Сиз ва сизга ўхшаганлар ҳеч кимга керак бўлмаган нашрларини мардлик қилиб ёпсалар, неча юз тонна қоғоз, демакки, неча юз минг доллар маблағ иқтисод бўлиши мумкинлигини тасаввур қиляпсизми? Сиз чиқиндига айлантираётган ва биров ўқимайдиган газетангиз учун исроф қилаётган тонна-тонна қоғозлардан фарзандларимиз учун қанчадан қанча қомусий китоблар, дарсликлар, луғатлар чоп этиш мумкинлигиничи? 
Шунда тадбиркорлар ҳам хориждан сиз ишлатадиган сарғимтир газета қоғозинимас, оппоқ, сифатлисини келтира бошлайдилар ва болаларимиз учун чоп этиладиган китобларнинг таннархи тушиб ва ранг-баранглиги ҳам ошган бўларди.
Кўряпсизми, сизнинг мажбурий обуна эвазига бир амаллаб сунъий нафас олдириб турган нашрингиз мамлакатга иқтисодий зарар келтирибгина қолмай, фарзандларимизга атаб чоп этилиши мумкин минглаб китобларни бўғзидан оляпти.

Тоғдан оғир икки сўз


Журналист бўламан, деганингизда отангизни бошлари осмонга етганига аминман. Газета ёки журналда иш бошлаганингизда онангизнинг қариндош-уруғ, қўни-қўшни қолмай фахрланиб, тўлқинланиб мақтанганларига ишончим комил. Лекин улар сизни бечора ўқитувчи, камхарж шифокор, талаба ёки ўқувчининг бурнини қонатиб, чўнтагига тушиб (аслида сизлар уюштираётган мажбурий ва оммавий обунани бошқача аташ ҳам мумкинми?) тирикчилик қилишингизни истаганмидилар? Шуни орзу қилганмидилар? 
Бу оламда юки жуда оғир қарғиш бор. У “...га ланъат” деган икки сўздангина иборат сўкиш, сўкиниш. 
Кузнинг илк кунларидан бошлаб йил сўнггигача сизнинг шарафингизга шу жумла неча минг оғиздан янграйди, биласизми? 
Нашрингизга мажбуран обуна бўлган ҳар бир одамнинг  норизо бўлиб бераётган ҳар бир сўм пули ана шу қарғишни ўзида сингдириб янада кўпроқ қудрат касб этиб бораётганиничи? 
Бу ланъатни сиз ўз қулоғингиз билан эшитмагансиз. Ортингиздан айтилади у. 
Сезмайсиз, чунки сиз шу кунгача фақат ўзингизга, ўз ижодингиз (агар у ижод деб аталса), қаламингиз ва мажбурий обунадан тушадиган пулларингизга маҳлиё бўлиб келяпсиз.
Илтимос, бир лаҳзага тўхтанг. Нафасингизни ростланг. 
Ҳеч йўқса, отангизга раҳмингиз келсин. Сизни билмадиму, аммо У табаррук инсон бу каби сўзларга муносиб эмас.
Яна ўзингиз биласиз...

Фотиҳ СУЛТОН.


P.S. Фикрлилар ва узундан узун мақолани ўқишга сабри етганлар учун Сильвестр Сталлонедан видеоролик. Сизгаям тавсия қиламан.


8 комментариев:

  1. Анонимный11.12.2015, 11:39

    Жудаям зур макола чикипти!!!

    ОтветитьУдалить
  2. Анонимный14.12.2015, 14:46

    янгиларидан борми

    ОтветитьУдалить
    Ответы
    1. Албатта, тайёрлаяпман. Тез кунларда маълум бир муддат оралигида, мунатазам маколалар жойлаштириш бошланади. Бир неча техник жихатлар кулни ушлаб турибди, холос. Эътибор учун рахмат.

      Удалить
  3. Блогпостда тилган олинган муаммоларнинг аксари ҳақиқат. Айниқса, таҳририятларда маркетингни ташкил қилиш, бу орқали мажбурий обунани йўқ қилиш ҳақидаги фикрларни жуда қадрлайман. Жуда узунлигини ҳисобга олмаса, яхши ёзилган.
    Ўйлаб қолдим: бу қадар кўп маълумотга эга, обунага доир ишларни миридан-сиригача биладиган, қолаверса, навбатдаги мақоласи Ўзбекистон газета бизнеси асосларига бағишланган муаллифнинг ўзи ҳам шу соҳа вакили эмасмикан деб ўйлаб қолдим. Нима дейсиз,Фотиҳ Султон?

    ОтветитьУдалить
    Ответы
    1. Журналистика соҳасида ўқимаганман.Макола мавжуд материалларни ўрганиш, обуна жараёнини кузатиш асносидагина ёзилди. Сизнинг иқтисодиётнинг "кора туйнуклари", жумладан, пластик карточкалар тугрисидаги маколаларингиз каби,дуст :). Сиз иктисодчи булмасангиз хам масалани атрофлича ургангансиз. Яна бир ҳурматга сазовор томони,факат макола билангина чекланиб колмай, амалий ҳаракатлар билан ўша муаммони ҳал қилишгаям жиддий киришдингиз. Купнинг дуосидасиз.

      Маколамнинг жуда чузилиб кетгани рост,хаксиз.Такрор жумлалар, фикрлар ҳам куп.Кейинги постларда эътиборлирок буламан. Фикр учун рахмат, Жамшидбек.

      Удалить
  4. Мақолани ўқиганимга анча бўлган бўлсада, унга энди фикримни ёзяпман. Қўлиз дард кўрмасин ака, яшанг! Мажбурий обуна ўқитувчилар, шифокорларни қонини бит каби сўриб ташлаётганига чидаб бўлмайди. Яқинда Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетасини 2015 йил 52 сонини ўқидим. Даҳшат. Бир кўринг ака нақадар эътиборсизлик, хафсаласизлик, ўқувчига, мамлакатга бўлган чиркин муносабатни кўрасиз.

    ОтветитьУдалить

Примечание. Отправлять комментарии могут только участники этого блога.